Самарқандда 19 ёшли йигит диний қўшиқлар тарқатгани учун 3 йилга қамалди

O‘zbekiston

Самарқандда 19 ёшли йигит Telegram орқали диний-экстремистик мазмундаги бешта қўшиқни тарқатгани учун 3 йил озодликдан маҳрум этилган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи 19 ёшли йигит Telegram орқали диний-экстремистик мазмундаги бешта қўшиқни тарқатгани учун 3 йил озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Севимли телеканали «Zamon» кўрсатуви хабар берди.

Айбланувчи Telegram мессенжерида гуруҳ ташкил этиб, бир ярим йил давомида интернетдан юклаб олган диний қўшиқларни жойлаштирган. Таъкидланишича, қўшиқларда экстремистик ва радикал ғоялар мавжуд бўлган.

«Мен бу қўшиқларни турли каналларда эшитганман. Улар менга ёқди ва маъносини тушунмасдан гуруҳга жойладим. Мен араб тилини умуман билмайман, фақат куйларигина менга ёқди», — деди у судда.

Йигит бошқарган гуруҳда бешта диний қўшиқ аниқланган. Маълум бўлишича, барча қўшиқлар унинг телефонидан гуруҳга юборилган.

Суд уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди бўйича айбдор деб топди ва 57-моддани (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Mavzuga oid materiallar