Президент Тошкент йўлларида юзага келган муаммолар юзасидан мутасаддиларга сўнгги огоҳлантириш берди

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга тирбандлик ва жамоат транспорти билан боғлиқ қониқарсиз ҳолат туфайли ҳайфсан берди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.

Ушбу тизимда 3 та вазирлик ва идора, 3 та инспекция, 5 та компания, ҳудудларда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари борлиги таъкидланди.
Пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимларига қурилиш ва коммунал соҳага алоҳида ўринбосар берилганига қарамай, бу комплекс халқимиз энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири экани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканлигини қайд этди.

Шу муносабат билан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси Анвар Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.