Қашқадарёда 1,1 миллиард сўмлик газ конденсати ўғирлаб кетилди

O‘zbekiston

Қашқадарё вилояти Нишон туманида 25 январь куни 568,5 тонна газ конденсати ёқилғиси ўғирлаб кетилди. Қонунбузарлар Epsilon компаниясига тегишли газ конденсат қувурига уланиб олган.

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Маълумотларга кўра, олдиндан келишиб олган беш нафар фуқаро жиноий гуруҳ тузиб, Нишон туманидаги Ширинобод миттитуман ҳудудини кесиб ўтувчи «Epsilon Development company» МЧЖ хорижий корхонасига тегишли газ конденсат қувурига яширинча уланиб олган. Қонунбузарлар умумий қиймати 17,4 миллион сўмлик 8,9 тонна ёқилғи конденсатини ўғирлаган вақтда қўлга олинган.

Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида мазкур жиноий гуруҳ томонидан жами 1,1 миллиард сўмлик 568,5 тонна газ конденсати ёқилғиси талон-торож қилингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши ихтисослаштирилган прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафар шахс процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.