Россиядаги терактдан сўнг Ўзбекистон президенти тегишли органларга шаҳарда хавфсизликни кучайтириш бўйича кўрсатма берди

O‘zbekiston

Президент ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олдига жамоат тартибини муҳофаза қилиш, террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш вазифасини қўйди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбариятининг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси йирик объектларида, шу жумладан савдо-кўнгилочар мажмуалар, боғлар, бозорлар ва бошқа фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ишларининг ташкил этилиши тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Шавкат Мирзиёев 29 март куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч тузилмалари раҳбарлари иштирокида жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбариятининг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси йирик объектларида, шу жумладан савдо-кўнгилочар мажмуалар, боғлар, бозорлар ва бошқа фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ишларининг ташкил этилиши тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Жамоат хавфсизлигига янги таҳдид ва хатарлар тобора ортиб бораётган бугунги шароитда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлик субъектларининг бу борада тўлақонли ҳамкорлик қилишларини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга топшириқ берди.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбарияти олдига жамоат тартибини сақлаш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш, аҳоли гавжум бўладиган жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш вазифаси қўйилди.

Бир кун аввал Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани муносабати билан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига мурожаат қилганди.

Фуқаролардан қуйидагиларга эътибор беришлари сўралади:

  • жамоат жойларида, кўча ва маҳаллаларда, шунингдек, ижарада турган уй-жойларда нотаниш ва шубҳали шахсларга эътибор қаратиш ҳамда улар ҳақида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш;

  • жамоат жойларида ва турли манзилларда қаровсиз қолдирилган буюмларни эътибордан четда қолдирмаслик, шубҳали нарсаларни кўрганда, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш;

  • метро, спорт, савдо ва оммавий маданият объектлари ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талаблари бажарилиши шарт бўлган жойлар бўлиб, эътирозсиз назоратдан ўтиш сўралади, акс ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонуний талаблари эътиборсиз қолдирилган тақдирда турли нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Ходимлар интизомсиз шахсларни жавобгарликка жалб қилиш мумкин.


Бундан ташқари, аввалроқ Ўзбекистон Миллий гвардияси томонидан барча жамоат жойларида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани хабар қилинганди.

Mavzuga oid materiallar