2024 йилда «Ўзэнергоинспекция» томонидан истеъмолчиларни энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 1 858 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Хусусан, ушбу аниқланган ҳолатларнинг 247 таси электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш бўйича аниқланган қоидабузарлик ҳисобланади.
Маълумки, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, яъни электр двигателларидан, электр печлари ва бошқа электр ҳамда иссиқлик ускуналаридан мунтазам равишда, ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда тўлиқ фойдаланмаслик ёки уларни бекорга ишлатиб қўйиш (куннинг ёруғ вақтида чироқларни ёқиб қўйиш), ёритиш учун электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатлари учун жавобгарлик мавжуд.
Қайд этилишича, бу каби қоидабузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
«Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМ 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солинишини ёдда тутинг», — дея огоҳлантирган инспекция.