Ижтимоий тармоқларда Ринотин Кидс сиропи шишасининг моғорлаган қопқоқлари суратлари тарқалди. Фойдаланувчилар танқидий постлар қолдирган, шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини вазиятни ўрганишга чақирган.
Фотосуратлар интернетда пайдо бўлгач, 17 апрель куни Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ушбу сиропни олиб киришга рухсатнома бекор қилинганини маълум қилди.
Қўмита Ринотин Кидс дори воситаси эмас, балки аскорбин кислотаси, селен, рух, E витамини ва бета-глюканни ўз ичига олган биологик фаол қўшимча эканини таъкидлади. Италиянинг Gricar Chemica компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
«Бугунги кун ҳолатига корхона томонидан 28 та дорихоналардан маҳсулотлар қайтариб олинди. Профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.
Санитария-эпидемиология қўмитаси истеъмолчиларга биологик фаол қўшимчаларни сотиб олишдан олдин қўмита веб-сайти орқали уларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги маълумотларни текширишни тавсия қилди.