26 апрелдан 30 апрелгача (соат 20:00 да) Внуково аэропортига келган 3101 нафар Тожикистон фуқаросидан 643 нафар Тожикистон фуқароси Россия ҳукумати томонидан кўп кунлар давомида тегишли шартларсиз ҳибсда сақланганидан кейин депортация қилинган. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига асосланиб Asia-Plus хабар берди.
Яна 117 нафар Тожикистон фуқаросига нисбатан депортация тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ҳозирда бу фуқаролар ҳам Внуково аэропортидаги вақтинчалик сақлаш зоналарида ғайриинсоний шароитларда сақланмоқда ва ўз ватанларига жўнаб кетишларини кутишмоқда, дея таъкидлади Тожикистон ТИВ.
Манбанинг қайд этишича, худди шундай мураккаб вазият Шереметево, Жуковский ва Домодедово аэропортларида ҳам кузатилмоқда.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги яна бир бор мамлакат фуқароларига Россия ҳудудига саёҳат қилишдан тийилишни қатъий тавсия қилди.
Бироқ «Крокус» терактидан кейин қанча Ўзбекистон фуқароси Россиядан чиқариб юборилгани номаълум. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборотни жамоатчиликдан яширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Крокус Сити Холл»даги терактдан сўнг дарҳол Россияда ксенофобия кескин кучайган эди. Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари нафақат кундалик миқёсда, балки хавфсизлик кучлари томонидан ҳам алоҳида нафрат ва тажовузга дуч келишди. Депутатлар муҳожирларнинг мамлакатга киришини чеклашни, шунингдек, уларни «кичик қонунбузарлик» учун депортация қилишни таклиф қила бошлади.