Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун ўтиш баллари оширилади

O‘zbekiston

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва менежмент йўналишлари бўйича олий ўқув юртларига ўқишга киришда минимал ўтиш балли 56,7 баллдан 94,5 баллга оширилади.

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига ўқишга киришда минимал ўтиш бали оширилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Кўрсаткич икки босқичда оширилиб, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари бўйича 94,5 балл ва бошқа йўналишлар бўйича 75,6 балл (ҳозирда барча йўналишлар бўйича 56,7 балл) этиб белгиланади.

«Мавжуд олий ўқув юртлари бўйича давлат буюртмаси параметрларини тақсимлаш амалиёти бекор қилинади ҳамда бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича мувофиқлаштириш тартиби жорий этилади», — дейилади хабарда.

Ижтимоий-гуманитар йўналишлар бўйича давлат буюртмалари қисқариши муносабати билан ушбу квоталар муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар ўртасида устувор тартибда тақсимланади.

2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари кадрлар тайёрлаш прогнози ва олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, 4 йил муддатга (ҳозир 1 йил) тасдиқланади.

ОТМларнинг профессор-ўқитувчилари моддий-техник базасидан келиб чиқиб, кейинги ўқув йили учун бакалавриат ва магистратурага қабулнинг умумий параметрларини (грант ва контракт ўринларига ажратмаган ҳолда) шакллантиради.

Давлат буюртмасидан келиб чиқиб, олий таълим йўналиши бўйича грант ўринларини тақсимлаш абитуриентларни ҳар бир йўналиш бўйича тўплаган баллар кетма-кетлигига кўра республика бўйича саралаб олиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.