Шавкат Мирзиёев 23 май куни спорт таълимини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказишга оид режалар билан танишди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Айни пайтда пойтахтнинг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда. Келгуси йил у ерда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади.
Кейинчалик ундан самарали фойдаланиш мақсадида Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил қилиниши кўзда тутилган. Ушбу муассаса ҳузурига Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқот институти ҳамда Мутахассислар малакасини ошириш институти ҳам ўтказилади. Академия тизимида Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, Ахборот кутубхона маркази, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўқитиш маркази очилади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, академияга 3 та бакалавр йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича қабул бошланади. Битирувчи талабаларга тўғридан-тўғри 6 йиллик тренерлик малака сертификати берилади. Олимпия ва паралимпия коллежларидан селекция қилинган битирувчилар тўғридан-тўғри иккинчи курсга қабул қилинади.
Шунингдек, терма жамоалар Париж Олимпиадасига юқори даражада ҳозирлик кўрмоқда, чет элларда мақсадли ўқув-машғулотлари ўтказилмоқда.
Қайд этиш жоизки, ўзбекистонлик спортчилар футбол, сувга сакраш, ўқ отиш, аёллар ўртасида эркин кураш каби йўналишларда илк бор Олимпиада лицензияларини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек футболи тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган терма жамоа футболчиларининг ҳар бирига 30 минг доллардан мукофот пули берилди. Жамоа У-23 Осиё кубогида 2-ўринни эгаллади ва бу уларга илк бор Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имконини берди.