Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испаниянинг «Milans del Bosch & ITL» компанияси асосчиси Сантяго Миланс дел Бош билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё».
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги маданий ва тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Самарқанд ва Мадрид шаҳарлари ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш таклифи илгари сурилди.
Сантяго Миланс дел Бош Испания ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик дипломатик ва маданий-иқтисодий муносабатлардан ташқари, уларни ижтимоий алоқалар ҳам бирлаштириб туришини таъкидлади. У Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон Испаниядан эвакуация қилинган болаларнинг бир қисмини қабул қилиб, уларни уруш даҳшатларидан сақлаб қолгани учун миннатдорлик билдирди.
Икки мамлакат ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, турли соҳаларда ўзаро англашув ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Мадридда ва Тошкентда қўшма тадбирларни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида элчихонага Испания элчиси Руй Гонсалес де Клавихонинг 1406 йилда Самарқандга қилган сафари ҳақида ёзган китоби тақдим этилди.