Ҳаво ҳарорати кўтарилади, лекин ёғингарчилик бўлмайди, — Ўзгидромет

O‘zbekiston

Ўзгидромет ушбу иш ҳафтасидаги об-ҳаво ҳақида маълумот берди. Унга кўра, ёз ўрталарига хос иссиқ ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республиканинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

Фото: ситуатив

Ўзгидромет ушбу иш ҳафтасида Ўзбекистон фуқароларини қандай об-ҳаво кутаётганини маълум қилди.

Бугун Ўзбекистонда ёз ўрталарига хос илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Ҳаво ҳарорати 32-35 даража илиқ, жанубий вилоятлар ва чўл ҳудудларида 38-40 даражагача иссиқ бўлади.

Республиканинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Бироқ Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим туманлари ва Фарғона водийси туманларида қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Эртага ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди ва иш ҳафтаси охирига келиб у 35 дан 39 даражагача, жанубда эса 42 даражагача кўтарилади. Бу вақтда ёмғир кутилмайди.

Шамол секундига 7-12 метр тезликда эсади. Баъзи жойларда секундига 13–18 метргача кўтарилиши мумкин.

Республиканинг тоғли ҳудудларида 8–12 июль кунлари жойларда қисқа муддатли момақалдироқ бўлиши мумкин. Шунингдек, бугун ва эртага Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел ҳодисаси кузатилиши мумкин.

Бугун Тошкент шаҳрида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши ва шамол тезлиги секундига 12–14 метргача етиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 33-35 даража иссиқ бўлади.

9 июлдан 12 июлгача ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати 35-38 даража иссиқ бўлади.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.