Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) фракцияси ўз мажлисида “Энергетика соҳасида монополияга барҳам бериш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди, деб хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
Мазкур ҳужжатга кўра, эндиликда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва сотишга фақат лицензия билан рухсат берилади. Қонунда энергия бозори иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, уларнинг масъулияти ҳам белгилаб берилган.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси саноатни ривожлантириш ва ишончли электр таъминоти тизимини яратишга хизмат қилади.
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида мазкур қонун юзасидан фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, тасдиқланган ҳужжат Ўзбекистон энергетика соҳасига жиддий ўзгаришлар киритади.
«Сиз уяли телефон хизматларини тақдим этадиган компанияни танлаганингиздек, энергия сотадиган компанияни ҳам танлашингиз мумкин. Электр ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасида рақобат бўлади. Амалдаги қонунчиликда бу тақиқланган эди», — деди депутат.