Бугун Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қайд этилишича, айни пайтда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши қарийб 10 фоизни ташкил этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмини камида 40 фоизга етказишни мақсад қилган.
Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага зарарли чиқиндиларни 34 миллион тоннага камайтириш имконини беради.
Ўзбекистонда углеводород ресурсларининг чекланганлиги энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш чораларини кўриш заруриятини келтириб чиқараётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, давлат муассасалари ва ташкилотларида энергия тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича энергия хизматлари йўлга қўйилмаган, тежамкорлик ва самарадорликни ошириш нуқтаи назаридан ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишлари суст олиб борилмоқда.
Қонун энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, ушбу соҳага хорижий ва хусусий инвестицияларни жалб этишни кучайтириш, нархларни белгилашнинг эркин ва шаффоф механизмларини жорий этиш асосида электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо бозорларини ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга, — дея қайд этилди йиғилишда.
Қонунда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия хавфсизлигини таъминлаш, энергия тежаш ва самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш тамойиллари, электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва муқобил энергия ресурсларидан тежамкор ва самарали фойдаланиш бўйича вазифалар ва қоидалар белгиланган.
Шунингдек, энергия тежаш ва энергия самарадорлиги талабларини бузганлик ва ресурсларни ортиқча сарфлаганлик учун жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.
Қурилиш ва транспорт соҳасида, бино ва иншоотларда, иссиқлик таъминоти ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида, қишлоқ ва сув хўжалигида энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши энергия ресурслари харажатларини янада оптималлаштиришга хизмат қилади ва энергия самарадорлигини тизимли мониторинг қилиш учун ҳуқуқий асос яратади.