Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар беради ЎзА.
Қарор мустақилликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошлар, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтиришга хизмат қилади.
Ҳужжатда 1937-1953 йилларда 100 мингдан ортиқ ватандошлар тоталитар тузумнинг сиёсий қатағонлари қурбони бўлганлиги қайд этилган. 13 минг киши отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган. Улар орасида атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган.
Жумладан, 2021–2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қйрбонларининг номлари оқланганини алоҳида қайд этилган.
Қарор билан сиёсий қатағон қурбони бўлган ватандошлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди. Қатағонга учраганларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, номларини аниқлаш, уларнинг тарихий хизматлари тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатларни тўплаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этади.
Комиссия қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, шунингдек, ўша давр воқеалари гувоҳларининг хотираларини ҳужжатлаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштиради. Шунингдек, у оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий манбалар, ноёб фотосуратларни тўплайди.
Унинг вазифалари қаторига Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамда Жадидлар мероси давлат музейининг мавзуга доир маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар, бошқа тегишли экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб бориш киради.
Бундан ташқари, комиссия чет элдаги турли фондлар, архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, мавзуга оид илмий экспедициялар ташкил этади.
Ўзбекистонда ҳар йили октябрь ойида сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш ҳафталиги ўтказилади.
Қатағон қурбонлари, жумладан, жадидчилик ҳаракати вакилларининг ҳаёти ва фаолиятидан хабардорликни ошириш мақсадида мамлакатимизда маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, «уч авлод» учрашувлари ўтказилади. Театр спектакллари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратилади, интернет учун материаллар ишлаб чиқилади.
Қатағон қурбонлари исмлари билан боғлиқ музейлар ва ашёлар туристик йўналишларга киритилади.
Қатағон қурбонлари, жадидчилик ҳаракати вакиллари туғилиб, яшаб ўтган уйларга мемориал лавҳалар ўрнатилади.
Маҳалла ва мактабларда стендлар ва бошқа кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган «Қатағон қурбонларини хотирлаш бурчаклари» ташкил этилади.
«Ўзархив» агентлигига Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган қатағон қурбонлари ва жадидчилик ҳаракати вакиллари тўғрисидаги айрим ҳужжатларни махфийликдан чиқариш чораларини кўриш топширилди.
Қарорда икки ой муддатда тоталитар тузум даврида сиёсий репрессияга учраган шахсларни реабилитация қилиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам топширилди.