Чиқинди ва тозалаш ишлари соҳалари ходимларини рағбатлантириш, маҳаллаларни тоза, чиқиндилардан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» ва «Энг тоза маҳалла» танловлари ўтказилади.
Танлов 1 сентябрда бошланиб, ғолиблар 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида аниқланади ва муносиб тақдирланади.
Ғолибларнинг давлат олий таълим муассаларига ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига бир йиллик контракт тўлови (базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдоридан ошмаган қисми) тўлаб берилади.
«Энг тоза маҳалла» танлови эса ҳар йили ноябрь – январь ойларида туман (шаҳар) саралаш босқичи, ҳудудий саралаш босқичи ва республика босқичи шаклида ўтказилади. Мазкур танлов ғолиблари 21 март — Наврўз байрами арафасида муносиб тақдирланади.
Танлов натижаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ғолиб бўлган маҳаллаларнинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерлари ўрнатиш ҳамда дарахт экиш учун 500 миллион сўмдн пул мукофоти ўтказиб берилади ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобил топширилади.
Бундан ташқари, санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчиларига, экофаолларга ҳамда жамоатчилик экология назоратчиларига ҳар ой 100 тадан велосипед ва бошқа мукофотлар берилади.
Бу каби танловлардан мақсад аҳоли орасида экологик билим ва маданиятни тарғиб қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг экологик хавфсиз тизимини такомиллаштириш, соҳа фидойиларини қўллаб-қувватлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик кераклигини таъкидлашдир.