Тошкент вилоятининг Зангиота туманида рўмол ўраган ва матодан ниқоб таққан аёл жамоат жойида юзини беркитиб юргани учун жаримага тортилди, деб ёзади «Газета.uz» суд қарорига таяниб.
Иш материалларига кўра, 2024 йил 2 август куни соат 11:51 лар атрофида Зангиота тумани, Амир Темур маҳалласи Мустақиллик кўчасида фуқаро М.А.га (аёл) жамоат жойида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда ҳаракатланиб келгани юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Аёл ИИБ ходимларига касаллиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини, жамоат жойида ниқоб тақиб юриш мумкин эмас эканини билмаслиги маълум қилган. У ишдан шошиб чиққани сабабли ниқобини ечмагани учун узр сўраган.
Аёл судда оилавий шароити оғирлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, ёлғиз аёл эканини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Суд аёлнинг кўрсатувини тинглаб, «маъмурий иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳуқуқбузарнинг айби маъмурий иш ҳужжатларини кўздан кечириб, баённома, фотожадваллар, тушунтириш хатлари ҳамда ишдаги бошқа объектив далиллар билан ўз исботини топган» деган хулосага келган.
Суд аёлни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−4-моддасида (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга ушбу кодекснинг 33-моддасини (Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари миқдорида, яъни 1 700 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Айтиш жоизки, худди шу моддага кўра, тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда бўлишмеҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш, спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиш, қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш жавобгарликдан озод қилади.