«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров СССРни қайта тиклашга чақиргани учун ҳукм қилинган кекса киши ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
Алишер Қодиров миллат, қадрият ва эътиқодни инкор этган совет мафкураси нафақат ўзбек халқига, балки бутун инсониятга кулфат келтирганини таъкидлади. Унинг айтишича, бу мафкуранинг қолдиқлари жамиятга салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Шу боис совет даври ва унинг рамзларини тарғиб қилиш қонун йўли билан тақиқланиши лозим.
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари совет даври тарихини таҳлил қилиш ва муҳокама қилишга чақирди, бироқ совет тузумини маъқуллаш ёки тарғиб қилиш нафақат конституциявий тузумга қарши жиноят, балки бу тузум қурбони бўлган халқ ва аждодларга нисбатан хиёнат эканлигини алоҳида таъкидлади.
Илгари ОАВ хабар берганидек, 74 ёшли пенционер Э.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси («Республика конституциявий тузумига тажовуз қилиш») билан айбдор деб топилиб, уч йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Шунингдек, эркакнинг маълум вақтларда уйдан чиқиши, яшаш жойини ўзгартириши ва интернетдан фойдаланиши тақиқланди.
Суд ҳужжатларига кўра, фуқаро Э.Х. 2011 йилда Ўзбекистон мудофаасини қўллаб-қувватловчи «Ватанпарвар» ташкилотидан нафақага чиққан. Ўша пайтдан бошлаб у Ўзбекистон ҳудудида СССРни тиклаш ғоясини фаол тарғиб қила бошлаган.
Жумладан, у «Ўзбекистон ССР/СССР» номли Telegram гуруҳида аъзо бўлиб, у ерда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг юзакилиги ҳақидаги материалларни эълон қилган. Унинг таъкидлашича, собиқ Совет Иттифоқи ҳанузгача расман тугатилмаган, унинг таркибидаги 15 та республика эса АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллик эълон қилган. Унинг фикрича, собиқ иттифоқдош республикалар яқин келажакда қайтиб, СССР таркибига киради.
2024 йил 6 мартда «Ўзбекистон ССР/СССР» гуруҳи текширилганда, фуқаро Э.Х.нинг СССРни қайта тиклашга оид кўплаб видео ва аудио материалларни жойлаштиргани аниқланди. Комплекс юридик ва сиёсий-лингвистик экспертиза хулосасига кўра, ушбу материалларда Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф йўл билан ўзгартириш ва бузишга даъват этувчи ғоялар мавжуд.
Судланувчи ўз кўрсатмаларида тармоқ орқали Россия фуқароси Олег Туришкиннинг 2021 йилда СССР фуқароларини рўйхатга олиш тўғрисидаги маърузасини эшитганини айтди. У Олегнинг маърузаларини тез-тез тинглар ва у билан Телеграм орқали мулоқот қиларди. Суҳбатлардан бирида Олег ундан СССР фуқаролигидан чиқиш учун ариза берган-бермаганлигини сўраган. Судланувчи рад жавобини бергач, Олег уни «СССР Давлат рэестри» гуруҳига қўшиб, «Бизда сиз ҳақингизда маълумот бор» деган. Бир оз вақт ўтгач, Олег унга почта орқали «СССР фуқароси гувоҳномаси»ни юборган.
2022 йилда судланувчи YouTubeʼдаги «Маърифат» гуруҳига аъзо бўлган. У ерда гуруҳнинг бошқа аъзолари билан СССРнинг қайта ташкил этилиши ва СССР давридаги турли баҳсли тарихий воқеаларни муҳокама қилган. У Алексей Иванович исмли блогер билан танишган.
Э.Х. Алексей Иванович билан танишгач, 2023 йил 3 январда унинг таклифига кўра Самарқанддан Москвага учиб кетган. 4 январь куни Москвада у Алексей орқали «ВКПб Бош Марказий Қўмитаси котиби» Юрий Алексеэвич Шчипков ва унинг ёрдамчиси билан учрашган. Улар унга СССРни қайта ташкил этмоқчи эканликларини, бунинг учун тарафдорлар тўплаётганларини, бу давлат ҳуқуқий жиҳатдан ҳали тарқатиб юборилмаганини, улар Иосиф Сталин давридаги Конституция ва қонунларга қайтмоқчилигини ҳамда бир неча йил ичида 15 та республикани қонуний йўл билан бирлаштиришларини айтишган.
Судланувчининг сўзларига кўра, унга Ўзбекистонда очиқ ҳаракат қилиш мумкин эмаслиги, тарафдорларни яширинча тўплаш кераклиги уқтирилган. У «ВКПбнинг Самарқанд вилояти бўйича котиби» этиб тайинланиб, у билан Телеграм орқали боғланишлари айтилган.
Ватанга қайтганидан кўп ўтмай, ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Э.Х.нинг ғояларига қизиқиб қолишган. Улар Совет Иттифоқини қўмсаган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатишган.
Алишер Қодировнинг сўзларига қайтадиган бўлсак, СССРда ҳеч қандай мафкура қонуний жиҳатдан давлат ёки ҳукмрон мафкура деб эълон қилинмаганини таъкидлаш жоиз. Бироқ Коммунистик партиянинг сиёсий монополияси туфайли КПСС мафкураси - марксизм-ленинизм амалда ҳукмрон эди. Уни СССРнинг сўнгги йилларида «социалистик марксистик-ленинча мафкура» деб аташган. Ҳозирги кунда марксизм-ленинизм бир қатор коммунистик партияларнинг, жумладан Куба, Хитой ва Лаоснинг ҳукмрон партиялари мафкураси ҳисобланади