Polaris Dawn миссияси командири Джаред Айзекман Crew Dragon космик кемасининг люкини очиб, очиқ космосга чиқди. Трансляция SpaceXʼнинг Х саҳифасида бўлиб ўтди.
Бу тарихдаги биринчи марта нопрофессионал космонавтлар очиқ фазони забт этишди.
Айзекман Crew Dragonʼга қайтганидан сўнг SpaceX муҳандиси Сара Джиллис орбитага чиқди. Кейин у кемага қайтиб, люкни ёпишни режалаштирмоқда.
Очиқ коинотга чиқиш Тошкент вақти билан соат 15:12 да бошланди. Бундан олдин экипаж SpaceX томонидан ишлаб чиқилган скафандрларнинг ҳаракатчанлиги ва герметиклигини текширган. Кема Ердан 700 километрдан ортиқ баландликда жойлашган. Чиқиш тахминан икки соат давом этиши кутилмоқда.
Экипажнинг бошқа икки аъзоси — Кидд Потит ва Анна Менон — Crew Dragonʼда қолиб, ҳаёт таъминоти тизимларини назорат қилишади.
Polaris Dawn миссияси 10 сентябрь куни Джон Кеннеди космик марказининг космодромидан бошланган. Унинг экипажи тўрт нафар нопрофессионал астронавтдан иборат бўлиб, улардан учтаси биринчи марта коинотга учади. Миссия қўмондони Джаред Айзекман аллақачон Inspiration4 миссиясида иштирок этган.
Polaris Dawn — бу Shift4 Payments раҳбари Джаред Айзекман томонидан молиялаштириладиган тижорат миссияси. Астронавтлар орбитада беш кун бўлиб, улар Ерда ҳам, узоқ космик парвозлар пайтида ҳам инсон саломатлигини яхшилашга қаратилган 36 та тадқиқот ва тажрибаларни ўтказади. Бундан ташқари, Starlink лазер алоқа тизими синовдан ўтказилади.