17 сентябрдан бошлаб «ўсмирлар аккаунтлари» пайдо бўлди. Профилларнинг бу янги тури 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга автоматик равишда ҳимоя чораларини қўллайди. Ўзгаришлар ҳақида Instagram раҳбари Адам Моссери «Good Morning America» дастурининг жонли эфирида маълум қилди.
Ўсмирлар аккаунтларида «катталар»никига нисбатан бир қатор чекловлар мавжуд бўлади. Бундай аккаунтлар фақат ўзлари обуна бўлган ёки илгари мулоқот қилган шахслардан хабарлар олиши мумкин. Ўсмирни фақат унга обуна бўлган аккаунтлар белгилаши мумкин. Бундан ташқари, Instagram ўсмирлар аккаунтларида кечқурун соат 22:00 дан эрталаб соат 7:00 гача «уйқу режими»га ўтади — билдиришномалар ўчирилади, хабарларга автоматик жавоблар берилади ва ижтимоий тармоқни ёпиш кераклиги ҳақида огоҳлантириш чиқади. Шундай огоҳлантириш ижтимоий тармоқда бир соат ўтказилгандан сўнг кундузи ҳам пайдо бўлади.
Ўсмирнинг ота-онаси ўз телефонларидан унинг аккаунтига кириб, Инстаграм ёки Threadsʼда ўтказилган вақт чегараларини ўрнатишлари мумкин бўлади. Ижтимоий тармоқда таъкидланишича, бунда ота-оналар қидирув тарихи ва чатларни кўра олмайди, постлар ёза олмайди ёки аккаунт паролини ўзгартира олмайди.
Чекловлар ижтимоий тармоқдан аллақачон фойдаланаётган ўсмирлар учун ҳам, янги фойдаланувчилар учун ҳам жорий этилади. Бунда 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг мавжуд аккаунтлари автоматик тарзда ёпиқ режимга ўтказилади ва уларни яна оммавий қилиш учун ота-оналарнинг рухсати талаб этилади.
16 ёшгача бўлган ўсмирлар фақат ота-оналарининг рухсати билан ўз аккаунтлари созламаларини «катталар»никига ўзгартиришлари мумкин. 16-17 ёшдагилар эса, агар аккаунтда ота-она назорати ўрнатилмаган бўлса, созламаларни мустақил равишда ўзгартира олади.
«Бу созламалар ўсмирларнинг Инстаграмдаги хавфсизлигини таъминлаш, нохуш алоқаларни чеклаш, уларнинг ёшига мос контент кўрсатиш ва Инстаграмда ўтказадиган вақтларини бошқаришда ёрдам бериш учун мўлжалланган», — дейилади ижтимоий тармоқ хабарида.
Ўзгаришлар ўн миллионлаб фойдаланувчиларга таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Чекловлар 60 кун ичида АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Австралияда, январь ойида эса бошқа ҳудудларда жорий этилади. Instagram, Facebook ва WhatsAppʼга эгалик қилувчи Meta компанияси яқин ойлар ичида бошқа иловалар учун ҳам худди шундай янги қоидаларни жорий этишини маълум қилди.