Ўзбекистонга Россиянинг ГЛОНАСС сунъий йўлдош тизимининг юқори аниқликдаги сигналидан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши мумкин, деб хабар бермоқда ТАСС.
Маълум қилинишича, Россия президенти Владимир Путин бу масала юзасидан музокаралар олиб боришга розилик билдирган.
Россия ҳукуматининг Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистонга Россиянинг ГЛОНАСС глобал навигация сунъий йўлдош тизимининг юқори аниқликдаги сигналидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги битимни тузиш бўйича музокаралар олиб бориш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин, - дейилади тегишли фармойишда.
ГЛОНАСС ер, денгиз, ҳаво ва космик базалардаги фойдаланувчиларни тезкор маълумотлар билан таъминлашга мўлжалланган навигация сунъий йўлдош тизими ҳисобланади.
Сигналлар авиация, транспорт, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, геодезия ва картография каби соҳаларда қўлланилади. Тизим ёрдамида космик аппаратларнинг орбиталарини, одамлар, ҳайвонлар ва мол-мулкларнинг жойлашувини аниқлаш мумкин. Шунингдек, у фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун ҳам фойдаланилади.