Telegram Дуров ҳибсга олингандан сўнг турли мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қила бошлади

Dunyo

Telegram мессенджери асосчиси Павел Дуров Парижда қўлга олингандан сўнг бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қила бошлади.

instagram/ durov

Telegram асосчиси Павел Дуров Парижда қўлга олингандан сўнг, у нафақат Франция, балки бошқа давлатлар, жумладан, АҚШ, Жанубий Корея, Бельгия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг сўровлари бўйича маълумот тақдим эта бошлади. Бу ҳақда Le Figaro ва Liberation нашрлари хабар бермоқда.

Le Figaro маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларидан бири аллақачон 100 га яқин буюртма қотиллик муҳокама қилинган Telegramʼдаги гуруҳ сўровига жавоб олишга муваффақ бўлган. Жанубий Кореядан ҳам жавоб кутилмоқда.

Францияда Telegram миллий полициянинг вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлими (OFMIN), шунингдек, жандармерия сўровларига жавоб берди ва айрим гумонланувчиларни аниқлаш имконини берадиган маълумотларни тақдим этди. Хусусан, гап болаларга қарши жиноятлар ҳақида бормоқда.

Баҳорда OFMIN уюшган жиноятчиликка қарши кураш миллий юрисдикциясининг кибержиноятчилик бўлимини мессенджерда вояга етмаганларга қарши жиноятларнинг «тез ва назоратсиз» тарқалиши ҳақида хабардор қилган эди.

Баъзи терговчилар ва судьяларнинг фикрича, Telegram «жиноятчилик супермаркети»га айланган, у орқали қурол, гиёҳванд моддалар, одамлар савдоси ва қотилликлар ҳам амалга оширилади.

Le Figaro таъкидлаганидек, Telegramʼнинг умуман одил судлов билан муносабатларини нормаллаштиришга тайёрлиги кўплаб миллий ва халқаро текширувларни илгари суришга имкон бериши керак. Газетанинг ёзишича, яқин ойларда ишга Павел Дуровдан ташқари бошқа одамлар ҳам жалб қилиниши мумкин.

Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинди. Унга уюшган жиноятчилик билан боғлиқ қатор жиноятлар, жумладан, гиёҳвандлик воситалари ва болалар порнографиясини тарқатишда иштирок этганликда, шунингдек, ваколатли органларнинг сўровлари бўйича маълумот тақдим этишни рад этганликда айбланган. Орадан бир неча кун ўтгандан кейин уни гаровга қўйиб юборишди ва полиция рўйхатида туриш ва Франция ҳудудини тарк этмаслик мажбуриятини олишди

Mavzuga oid materiallar