Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларидан тижорат рекламалари учун фойдаланиш ҳолатлари аниқланди

O‘zbekiston

Сурхондарё ва Наманган вилоятларида мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларидан тижорат рекламалари учун фойдаланилгани маълум бўлди. Ҳозирги вақтда барча ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юкланган.

Фото: Kun.uz

Баъзи таълим муассасаларида, жумладан, мактаб ва боғчаларда хайрия тадбирлари ниқоби остида медиа компанияларнинг реклама акциялари ўтказилгани аниқланди. Болалар омбудсмани ушбу ҳолатларни атрофлича ўрганиб чиқди.

Бундай ҳолатлардан бири Наманган вилояти Чуст туманидаги 69-мактабда рўй берди. Мактаб директори Ж.Т.га нисбатан таълим мақсадларига зид равишда ўқув жараёни билан боғлиқ бўлмаган тадбирларни ташкил этгани учун интизомий жазо чоралари қўлланилди. Директор эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Худди шундай ҳолат содир бўлган Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 11-болалар боғчаси мудираси вазифасини вақтинча бажарувчига нисбатан ҳам шу каби чоралар қўлланилди. Раҳбар ҳам ўз лавозимидан четлаштирилди.

Болалар омбудсмани Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 32-моддасида давлат боланинг иқтисодий эксплуатациядан ва унинг соғлиғига хавф туғдириши ёки таълим олишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ҳимояланиш ҳуқуқини тан олишини эслатиб ўтди.

«Таълим муассасаларида тижорат медиа компанияларининг реклама акцияларини ўтказиш уларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек, қонунчилик талабларига зид ҳисобланади. Болалардан бундай тижорат мақсадларида фойдаланиш эксплуатация шаклларидан биридир», — дейилади омбудсман хабарида.

Ҳозирги вақтда барча ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига таълим муассасаларида бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш топшириғи берилган.

Mavzuga oid materiallar