«Халқ IPO»си доирасида Ўзбекистон товар-хомашё биржасининг Roadshow тақдимоти ўтказилди

O‘zbekiston

Тошкентда «Халқ IPO»си дастурининг бошланиши ва «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ акцияларининг оммавий жойлаштирилишига бағишланган Roadshow тақдимоти бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида «Халқ IPO»си дастурининг бошланиши ва «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ (ЎзРТХБ) акцияларининг оммавий жойлаштирилишига бағишланган Roadshow тақдимоти ўтказилди.

Тантанали тадбирда мамлакатимиз иқтисодий сектори, вазирлик ва идоралар, халқаро молия институтлари вакиллари, етакчи тадбиркорлар, экспертлар ва консалтинг компаниялари, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари қатнашди. Тадбирнинг асосий мақсади «Халқ IPO»си дастури имкониятлари, шунингдек, ЎзРТХБнинг стратегик мақсадлари ва ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот беришдан иборат эди.

Маърузачилар, шунингдек, «Халқ IPO»си дастурининг Ўзбекистон капитал бозори учун аҳамиятини таъкидлаб, мавжуд электрон платформалар орқали акцияларни сотиб олиш учун ариза топширишнинг янги имкониятлари ва тартиблари ҳақида сўзлаб бердилар.

ЎзРТХБ акцияларини сотиб олиш учун аризаларни қабул қилиш оммавий таклиф доирасида «Тошкент» РФБ савдо майдончаси қўллайдиган аризаларни қабул қилишнинг мавжуд усулларига қўшимча равишда, фуқаролар орасида оммалашган ва фойдаланувчилар учун қулай бўлган «E-auksion» электрон савдо платформаси, жумладан унинг 24/7 онлайн режимида ишлайдиган мобил иловаси орқали ҳам амалга оширилади.

Бундан ташқари, тақдимот давомида битим параметрлари очиб берилди ва ЎзРТХБнинг 3,3 млн акцияси (устав капиталининг 4,4 фоизи) «бир акция — бир лот» тамойили бўйича сотила бошлангани расман эълон қилинди.

«Халқ IPO»си дастури иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга, капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашади ҳамда фуқароларни мамлакатнинг йирик давлат компанияларига сармоя киритишга жалб қилиш учун бошланғич нуқта бўлиб, уларга молиявий даромад манбаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.