Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) томонидан ўтказилган тадқиқотда келтирилган маълумотларга кўра, 1970 йилдан 2020 йилгача сайёрамиздаги ёввойи ҳайвонлар популяциясининг ўртача сони 70% дан ортиқ ҳалокатли қисқарган.
Ушбу тадқиқот 5,5 мингга яқин ҳайвон турлари популяциясининг батафсил таҳлили асосида амалга оширилди. Бутун дунёда ёввойи ҳайвонлар популяциясининг қисқаришини акс эттирувчи нохуш статистик маълумотларнинг асосий сабаби инсон фаолияти билан боғлиқ.
Тадқиқотга кўра, ёввойи табиат учун энг катта хавф инсоннинг озиқ-овқат тизими туфайли юзага келган таназзул ва яшаш муҳитининг йўқолиши ҳисобланади. Улардан кейин ҳаддан ташқари эксплуатация, инвазив (тажовузкор) турлар ва касалликлар келади.
Шунингдек, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида фауна популяцияси энг кўп зарар кўрганлиги маълум бўлди — 95%. Европа ва Марказий Осиёда бу кўрсаткич 35% ни ташкил этди — чунки у ерда ёввойи табиатга жиддий таъсир 1970 йилгача бўлган.
Олимларнинг таъкидлашича, дунё одамлар ва ҳайвонлар учун жиддий хавф туғдирадиган ва сайёрамиз ҳаётини таъминлаш тизимларига тузатиб бўлмайдиган зарар етказиши мумкин бўлган ортга қайтмас бурилиш нуқталарига шиддат билан яқинлашмоқда.