Жаҳон банки: Дунёда 700 миллионга яқин одам кунига икки доллардан кам пул билан яшайди

Dunyo

Жаҳон банкининг янги ҳисоботида айтилишича, 2030 йилда дунё аҳолисининг 7,3 фоизи ўта қашшоқлик чегарасида бўлади. Иқтисодий ўсиш паст бўлган мамлакатларда, айниқса, Африка ва Лотин Америкасида тенгсизлик ва қашшоқликнинг юқори даражаси сақланиб қолмоқда.

Фото: Открытые источники

Жаҳон банкининг «Камбағаллик, фаровонлик ва сайёра» янги ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб 700 миллионга яқин одам кунига 2,15 доллардан кам маблағ билан яшайди, бу сайёра аҳолисининг 8,5 фоизини ташкил қилади. Прогнозларга кўра, 2030 йилда бу кўрсаткич 7,3 фоизни ташкил этади. Ўта қашшоқлик иқтисодий ўсиш даражаси паст ва беқарорлик даражаси юқори бўлган мамлакатларда, айниқса, Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубида кенг тарқалган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунё аҳолисининг 44 фоизи кунига 6,85 доллардан кам пул билан яшайди, бу эса даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар учун қашшоқлик белгисидир. Баъзи ўзгаришларга қарамай, 1990 йилдан бери камбағаллик билан боғлиқ вазият деярли ўзгармаган.

Жаҳон банкининг катта бошқарувчи директори Аксел ван Тротсенбургнинг таъкидлашича, «Глобал қашшоқликка қарши курашиш учун янги ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш зарур, чунки мавжуд ёндашувлар иқтисодий инқироз, пандемия, қарз муаммолари, можаролар ва иқлим ўзгариши шароитида ишламаяпти».

Ҳисоботда, шунингдек, сўнгги ўн йил ичида тенгсизлик даражаси юқори бўлган мамлакатлар сони камайганлиги таъкидланади, аммо 1,7 миллиардга яқин одам ёки Ер аҳолисининг 20 фоизи ҳали ҳам тенгсизлик даражаси юқори бўлган мамлакатларда, асосан Лотин Америкаси ва Африкада яшайди.

Мутахассислар паст даромадли мамлакатларга иш ўринлари яратиш, инсон капиталини ривожлантириш ва инфратузилмани яхшилашга сармоя киритиш орқали иқтисодий ўсишга эътибор қаратишни тавсия қилади. Ўрта даромадли мамлакатларга аҳоли даромадларини ошириш ва иқтисодиётнинг углерод сарфини камайтириш, юқори даромадли мамлакатларга эса чиқиндиларни камайтириш ва қисқа муддатли иқтисодий йўқотишлардан қочиш тавсия этилади.

Mavzuga oid materiallar