Комил Алламжоновга нисбатан суиқасдда гумонланаётганлардан бири қўлга олинди

O‘zbekiston

Президент администрациясининг собиқ ходими Комил Алламжонов бўлган Range Rover автомобилига ҳужум қилишда гумонланаётганлардан бири қўлга олинди.

Президент администрациясининг собиқ ходими Комил Алламжонов бўлган Range Rover автомобилига ҳужум қилишда гумонланаётганлардан бири қўлга олинди. Бу ҳақда якшанба куни эрталаб Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа тафсилотларини аниқлаш устида ишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Комил Алламжоновга 26 октябрь куни кечаси тахминан соат 01:30 да Қибрай туманида, унинг уйи яқинида қуролли ҳужум уюштирилган.

Икки номаълум шахс у ўтирган автомобилга бир неча марта ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Алламжонов жароҳатланмаган.

Операция тафсилотлари ва терговга яқин бўлган «Озодлик» радиоси манбасининг маълум қилишича, ҳодиса «суиқасд» сифатида баҳоланмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳодиса Алламжонов Қибрай туманидаги уйи яқинидаги темир йўл кесишмасидан шахсий автомобилида ўтаётганда содир бўлган.

«Қоронғида йўл четида автомобилни пойлаб турган икки киши мототциклда келиб, Макаров тўппончасидан автомобилга беш марта ўқ узган ва қочишга муваффақ бўлган. Алламжонов ва унинг ҳайдовчиси жароҳатланмаган, аммо автомобилда ўқ излари бор. Ҳозирда камералар ёқилган ва ҳужум қилганларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Mavzuga oid materiallar