«ППХ ўзбошимчалиги»: Тошкентда юзлари бўялган ўсмирлар қўлга олинди

O‘zbekiston

Тошкентда Шота Руставели кўчасида Хэллоуин байрамига бағишланган видеоролик суратга олаётган бир неча ўсмирларни ППХ ходимлари қўлга олди. ИИВ «бирдан тушуниш осон бўлиши учун» бошга қовоқ кийишни тавсия қилди.

Фото: Рано Макаренко

31 октябрь куни кечқурун Тошкентнинг Шота Руставели кўчасида ППХ ходимлари юзлари бўялган бир нечта ўсмирларни тўхтатди. ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазиятга изоҳ берди.

Гувоҳларнинг айтишича, ўсмирлар Instagramʼда Хэллоуин мавзусидаги видеороликларни суратга олиш учун юзларига грим қўйишган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари фуқароларни ҳужжатларини текшириш учун тўхтатиб, сўнг сабабини тушунтирмасдан уларни Яккасарой тумани ИИБга олиб кетишган.

ИИВ матбуот котиби журналистларнинг сўровига жавобан, фуқаролар ходимларнинг хатти-ҳаракатлари устидан юқори инстанция ёки назорат органларига шикоят қилишлари мумкинлигини маълум қилди. Кейин Ғиёсов ўсмирларда «байрамларга жиддий муносабат йўқлигини» қўшимча қилди.

«Байрамларга қандайдир жиддий муносабат йўқ. Бошга қовоқ кийиб олиш керак эди, шунда дарҳол Хэллоуин эканини тушунса бўларди. Бундай ҳолатда нима бўлаётганини тушуниб бўлмайди, эҳтимол, қандайдир сектантлар типратиканларни қурбон қилмоқчи бўлишаётгандир. Шунинг учун текширишга тўғри келди», — дея қўшимча қилди ИИВ вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ИИВ ота-оналарни болаларининг ҳайвонлар хатти-ҳаракатига тақлид қилишни ўз ичига олган квадроберлар субмаданиятида иштирок этгани учун жарималар ҳақида огоҳлантирганди.

Mavzuga oid materiallar