Тошкентда эркак келинига тегажоғлик қилгани учун беш суткага қамалди

O‘zbekiston

Тошкентда келинига тегажоғлик қилган 69 ёшли эркак 5 суткага қамоққа олинди. Судда эркак ўз ҳаракатларини спиртли ичимлик истеъмол қилганлигидан деб изоҳлади.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида келинига тегажоғлик қилган 69 ёшли Х.У.га нисбатан иш кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда UzNews.uz суд қарорига асосланиб.

Иш материалларига кўра, эркак маст ҳолатда келинига тегажоғлик қилган ва унга нисбатан беҳаё сўзлар айтган.

Аёл ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фуқаро Х.У.ни ИИБ биносига таклиф қилганларида, у қонуний талабларга бўйсунишдан бош тортган.

Судда жабрланувчи, шунингдек, бундай ҳолат илгари ҳам юз берганини айтиб, суддан қонуний чоралар кўришни сўради. Эркакнинг ўзи судда маст бўлгани учун шундай қилганини маълум қилди.

Суд қарори билан эркак Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисми (Жинсий таъқиб қилиш) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ва БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Mavzuga oid materiallar