Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида қонун қабул қилинди

O‘zbekiston

Президент болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олишга қаратилган қонунни имзолади. Янги ҳужжат зўравонлик, жумладан жисмоний, руҳий, жинсий ва эксплуатация учун қатъий жавобгарлик чораларини жорий этади, шунингдек, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиради.

14 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСEФ иштирокида ишлаб чиқилган «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат 2025 йил 15 майдан кучга киради.

Қонуннинг асосий қоидалари

Қонун зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган болаларга ёрдам кўрсатиш ва оилалар фаровонлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Унда таъкидланишича, болаларга нисбатан зўравонлик уларнинг ҳуқуқларини бузадиган ва жисмоний ёки руҳий азоб-уқубатларга олиб келадиган ҳаракат ва ҳаракатсизликни ўз ичига олади. Бунга қуйидагилар киради:

  • Жисмоний зўравонлик: тан жароҳати етказиш, болаларни хавф остида қолдириш.

  • Жинсий зўравонлик: жинсий характердаги ҳаракатлар, шу жумладан порнография ёки фоҳишалик уйларига жалб қилиш.

  • Руҳий зўравонлик: таҳдидлар, ҳақоратлар, камситишлар.

  • Ғамхўрликнинг йўқлиги: ота-оналарнинг имкониятларига қарамай, боланинг асосий эҳтиёжларини эътиборсиз қолдириш.

  • Эксплуатация: меҳнатга жалб қилиш, тиланчиликка мажбурлаш, никоҳга мажбурлаш.

  • Қўрқитиш (буллинг): жисмоний ёки руҳий босим, шу жумладан интернет орқали тажовуз.

Давлат зўравонликнинг олдини олиш механизмларини яратиш, тергов ўтказиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш ва жабрланганларни реабилитация қилишни таъминлаш мажбуриятини олади.

Жабрланган болалар ҳуқуқлари

Жабрланган болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • Бепул юридик, тиббий ва ижтимоий ёрдам олиш.

  • Моддий ва маънавий зарарни қоплаш.

  • Вакиллар орқали судга ёки давлат органларига мурожаат қилиш.

  • Ҳимоя ордерини олиш.

  • Бундай болалар судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.

Ҳимоя чоралари

Қонун умумий ва индивидуал чораларни назарда тутади. Умумий чоралар қаторига хавфсиз муҳит яратиш ва аҳолини болалар ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилиш киради. Индивидуал чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Ҳимоя ордерларини бериш.

  • Болаларнинг ҳаёти хавф остида бўлганда уларни оилалардан олиб қўйиш.

  • Жабрланганларни реабилитация қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш.

  • Зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тизими яратилади. Бу тоифага етимлар, ногиронлиги бўлган болалар, нотинч оилаларнинг фарзандлари, шунингдек, эксплуатация қилинган болалар киради.

Таълим муассасаларининг роли

Мактабларда зўравонлик ва буллингнинг олдини олиш бўйича дастурлар жорий этилиши режалаштирилмоқда. Ходимлар педагогик этикага риоя қилишлари, психологик вазиятни баҳолашлари ва ота-оналар билан ҳамкорлик қилишлари шарт. Ўқувчилар эса ўз навбатида, тренингларда иштирок этишлари ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беришлари лозим.

Ҳимоя ордерлари

24 соат ичида бериладиган ҳимоя ордери зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилади ва айбдорларга чекловлар қўяди. Масалан, жабрланувчи билан мулоқот қилиш ёки маълум жойларга бориш тақиқланади.

Реабилитация ва оилаларни қўллаб-қувватлаш

Қонун жабрланган болалар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатишни ҳам назарда тутади. Саломатликни тиклаш, реабилитация қилиш, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ота-оналарни ишга жойлаштириш ва касб-ҳунарга ўқитишда ёрдам бериш чоралари киритилган.

Жиноят ишлари учун алоҳида чора-тадбирлар

Жиноят процессида иштирок этаётган болалар учун алоҳида кутиш зоналари, сўроқ қилиш учун махсус хоналар ташкил этилади ва гумон қилинувчилар билан мулоқот қилиш тақиқланади. Жабрланганлар маълумотларининг махфийлиги кафолатланади.

Маҳкумлар учун чекловлар

Болаларга қарши жиноят содир этган шахслар судланганлик ҳолати олиб ташланишидан қатъи назар, улар билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Бу шахслар ички ишлар органлари назорати остида махсус реестрга киритилади.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ривожланиши учун хавфсиз муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Mavzuga oid materiallar