Комил Алламжоновга суиқасд иши бўйича беш киши қамоққа олинди, яна икки киши қидирувда

O‘zbekiston

Ўзбекистон Бош прокуратураси президент администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновни ўлдиришга суиқасд қилишда гумон қилинаётган етти кишининг шахсини аниқлади. Бешта шахс қамоққа олинган, иккитаси қидирувда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилишича, Комил Алламжоновга суиқасд уюштиришда айбланаётган 7 нафар шахс аниқланиб, уларнинг 5 нафари ҳибсга олинган, 2 нафарига нисбатан эса қамоққа олиш тўғрисида ордер чиқарилган.

Тергов-тезкор тадбирлари давомида ҳодиса содир бўлган жой, гумонланувчилар тасарруфидаги автомобиллар кўздан кечирилди, шунингдек, уларнинг яшаш жойларида ўтказилган тинтув натижасида иш бўйича аҳамиятли ашёвий далиллар олиб қўйилди.

Қозоғистон ҳудудида яшириниб юрган айбланувчи К.С.нинг қаердалиги аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари ўтказилди.

Халқаро жиноий полиция ташкилоти (Интерпол) томонидан халқаро қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Сарвар Ашуров бош вазир ёрдамчиси лавозимидан озод этилди. У билан бир вақтда укаси, Давлат хавфсизлик хизмати шахсий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров ҳам ишдан бўшатилди.

Kun.uz ва Daryo.uz каби бир қатор ОАВ ҳокимият тузилмаларидаги ўз манбаларига таяниб, ушбу ишдан бўшатишларни Комил Алламжоновга суиқасд ва унинг терговига тўсқинлик қилиш билан боғламоқда.

Эслатиб ўтамиз, суиқасдга уриниш 26 октябрь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида содир бўлган. Ўша пайтдаги Бош прокуратура хабарида автомобилда бўлган Комил Алламжонов номи тилга олинмаган эди.

Mavzuga oid materiallar