Наманган туманида чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга замонавий чорва комплекси биносини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш мақсадида, акциядорлик тижорат «Халқ банки»нинг вилоят филиали томонидан ажратилган 5 млрд 287 млн 500 минг сўм миқдоридаги кредит маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ва расмий ҳужжатларни калбакилаштириш ҳолатлари бўйича Жиноят кодексининг 167 ва 228-моддалари билан қўзғатилган жиноят ишини суд муҳокамасида кўриб чиқиш жараёнида Мингбулоқ туман суди раиси судланувчига нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш эвазига, унинг отасидан $20 000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси сўралган пул маблағидан $2 000 ўзининг бошқарувида бўлган «Лаcэтти» русумли автомашинада олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидланишича, кредит бўйича етказилган зарар тергов давомида судланувчи томонидан тўлиқ қопланган бўлган. Ҳозирда Мингбулоқ туман суди раиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, жуда кўп миқдорда пора олганлиги ҳолати бўйича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бошқа ҳолатда эса Наманган давлат университетининг 3-босқич докторанти тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган Чуст туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унга мазкур туман марказида жойлашган умумий ўрта таълим мактаби балансидаги қўшимча 2 қаватли бинони ҳокимият тизимида ишловчи мансабдор танишлари орқали олиб бериш эвазига $20 000 талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан Чуст шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан $10 000 олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28,211- (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Наманганда туман суди раиси ва докторант ҳибсга олинди
Наманган вилоятида ДХХ ходимлари пора бериш орқали қўшимча даромад олмоқчи бўлган икки шахс — туман суди раиси ва докторантни қўлга олди.