Арманистон КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйди

Dunyo

Арманистон Озарбайжонни урушга тайёрланаётганликда айблаб, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги (ОДКБ) иштирокини музлатиб қўйганини эълон қилди.

Арманистонга оид жамоавий хавфсизлик шартномаси бажарилмади, шунинг учун Ереван КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйди. Бу ҳақда республика бош вазири Никол Пашинян France24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Бизнинг фикримизча, Арманистон бўйича Коллектив хавфсизлик шартномаси, айниқса, 2021-2022 йилларда амалга оширилмади ва биз буни эътибордан четда қолдиришимиз мумкин эмас. Биз ушбу келишувдаги иштирокимизни музлатиб қўйдик. Кўрамиз, кейин нима бўлади», — деди у.

Пашинян Россия расмийларининг позициясини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, Россия бир неча ой олдин «Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга очиқ чақирган». Унинг сўзларига кўра, «Москвадан бўлаётган бу ташвиқот заифлашмаяпти».
«Биз ўз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қила олмаймиз», деди Арманистон бош вазири ва «Ереван талаблари жавобсиз қолса, оқибатлари» билан таҳдид қилди.

Пашинян, шунингдек, ҳозирда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик ўрнатишни тасаввур қилиб бўлмайди деди. 2022 йилда Ереван ва Боку Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи воситачилигида келажакдаги тинчлик шартномасини муҳокама қила бошлаган. Яқин ўтмишда томонлар тинчлик шартномасининг якуний лойиҳаси устида иш олиб борганди.
«Агар Озарбайжон Арманистонни Ғарбий Озарбайжон деб ҳисобласа, шунингдек, яқинда юз берган ҳужумни ҳисобга олсак, бунинг иложи йўқ, ҳозирда бу тинчликни тасаввур қилиб бўлмайди», — деди Пашинян.

Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон баёнотлари инобатга олинадиган бўлса, Арманистонга қарши янги ҳужум эҳтимоли катта, деган хулосага келиш мумкин.
«Ва Озарбайжоннинг яқиндаги ҳужуми — биз терговни талаб қилдик, аммо шунга қарамай, Озарбайжон вазиятдан ўз риторикасини кучайтириш учун фойдаланмоқда. Буларнинг барчаси бизни Озарбайжон Арманистонга қарши янги ҳужум тайёрлаяпти, деган фикрни уйғотади», — дея қўшимча қилди Пашинян.

Ереван бир неча бор КХШТ ва Москвани ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблаган. Шундай қилиб, январь ойида Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян республика ташкилотдан «ҳеч қандай умидда эмаслигини», чунки 2022 йил сентябрь ойида «кенг миқёсли ҳужум» вақтида «адекват реакция» олмаганини айтганди.

Ўтган йилнинг 23 ноябрида Пашинян Минскдаги КХШТ саммитида иштирок этишдан бош тортган эди.

КХШТга олтита давлат киради: Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.