Қашқадарёда товламачилик билан шуғулланган уч блогер қўлга олинди

O‘zbekiston

Қашқадарё вилоятида уч блогер — Наргиза Келдиёрова, Дилдора Ҳакимова ва Шукрулла Парпиев ҳибсга олинди. Улар Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (Товламачилик)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Қашқадарё вилоят судларининг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосарининг Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган 3 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилган.

Булар 1977 йилда туғилган, «Инсон ҳуқуқлари» мустақил ташкилоти аъзоси, «Ҳимоячи блогерлар» МЧЖ раҳбари Шукрулла Парпиев, 1980 йилда туғилган Наргиза Келдиёрова ҳамда 1984 йилда туғилган, Косон туманидаги 12-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилдора Ҳакимова бўлган.

Суднинг 2024 йил 28 февралдаги ажрими билан Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилган ҳамда гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, гумонланувчилар мактаб директори ва унинг фермер отаси ҳақида шахсга оид маълумотларни интернетда тарқатмаслик эвазига 5 минг АҚШ доллари сўраб, шундан маълум қисмини олаётган вақтларида ашёвий даллилар билан қўлга олинган. Уларга Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Mavzuga oid materiallar