Эслатиб ўтамиз, 8 март куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган профессионал бокс оқшомида Исроил Мадримов россиялик спортчини техник нокаутга учратиб, Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) чемпионлик камарини қўлга киритган эди.

Профессионал боксчига Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида милиция ходимларини тақдирлаш маросимида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан майор унвони топширилди.

«Тақдирлаш маросимида, шунингдек, Ўзбекистон номини яна жаҳонда намоён этган ва ўрта вазнда ўсмирлар ўртасида WBA камарини қўлга киритган, Ички ишлар вазири муддатидан аввал майор махсус унвонини берган, профессионал бокс бўйича янги жаҳон чемпиони Исроил Мадримов ҳам алоҳида таъкидланди», — дейилади ИИВ хабарида.

Аввалроқ Мадримовга президент совғаси — нархи 1,04 миллиард сўм бўлган Таҳоэ автомобили топширилгани ҳақида ёзган эдик.