Шавкат Мирзиёев болаларнинг машғулотларини бирма-бир кузатди. Улар билан суҳбатлашиб, меҳрини изҳор қилди. Шароитларни яхшилаб, қулайликлар яратиб, ногиронлиги борларнинг иложи борича ҳаётда ўрин топишига кўмак кўрсатилишини айтди.
Давлат ғамхўрлиги натижасида Тошкентдаги ушбу «Мурувват» уйи ҳам янги қиёфага кирди. Қўшимча бино қурилиб, эски бинолар капитал таъмирланди. Ёзги спорт зали, ногиронларни парваришлаш ва жисмоний даволаш бўлимлари, тиббиёт ва машғулот хоналари, фаоллар зали, кутубхона, ётоқхона ва ошхона бутунлай янгиланди.
Сўнгги беш йилда «Мурувват» уйларига давлат буджетидан ажратилган маблағлар 3 баробардан зиёд ошган. Улардаги ходимлар ва ўринлар сони ҳам кўпайтирилган.
Шунингдек, «Қўллаб-қувватлаш клублари» тузилиб, малакали мутахассислар васийларга ногиронлиги бўлган болани парваришлаш, оила шароитида тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш бўйича билимлар беради. Алоҳида таълимга тавсия берилмаган, оғир даражадаги касалликлари мавжуд болалар учун «Ғамхўрлик гуруҳи» ташкил этилади. Барча ҳудудий реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган болалар учун шундай хизматлар йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган болалар интернат уйини бориб кўрди
Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли «Мурувват» интернат уйини бориб кўрди. Муассасада 299 нафар ўғил-қиз васийликка олинган. Уларга 334 нафар ходим, жумладан, малакали педагог, дефектолог ва шифокорлар ёрдамлашмоқда.