Жиззах вилоятида қотилликда гумон қилинган шахсни қўлга олишга ёрдам берган йигит тақдирланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
19 апрель куни Зарбдор туманидаги Оқбулок маҳалласидаги уйлардан бирида фуқаро ўзаро жанжал чоғида бир эркакни пичоқлаб, воқеа жойидан қочиб кетган. Жабрланувчи бироз вақт ўтиб касалхонада вафот этган.
Ички ишлар ходимлари гумонланувчини қидиришга киришган. Маълум бўлишича, эркак ўз хотинига қўнғироқ қилган ва улар уни ички ишлар бўлимига келишга кўндириш учун шу рақам орқали боғланишга ҳаракат қилишган. Бироқ қўнғироққа Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2-босқич талабаси Мирзабек Элмуродов жавоб берди. Унинг тушунтиришича, у кўчада кетаётганида бир эркак унга телефон бериб, ундан фойдаланишни сўраган.
«У хотинига қўнғироқ қилиб, жиноят содир этганини айтди ва жабрланувчининг аҳволи билан қизиқди. Орадан 10 дақиқа ўтгач, менга Жиззах вилояти ИИБ ходимлари қўнғироқ қилишди. Улар бу одам жиноят содир этганини айтиб, унга эргашишни сўрашган. Мен унинг ортидан бордим ва Тошкент шаҳар ички ишлар ходимлари билан бирга уни қўлга олдик», — деди талаба.
Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида ўтказилган учрашувда йигитга эсдалик қўл соати, 5 млн сўм пул ва ота-онасига миннатдорчилик мактуби топширилди.
Қўлга олишда иштирок этган Шайхонтоҳур тумани ИИБнинг 4 нафар ходимига ҳам эсдалик совғалари топширилди.