«Росатом» сайтидаги хабарга кўра, АЭС лойиҳаси VVER-1200 типидаги реакторларга эга иккита энергоблокни қуришни назарда тутади.
Қайд этилишича, ушбу турдаги реактор «3+» авлодига тегишли бўлиб, хавфсизлик ва самарадорликнинг энг юқори халқаро стандартларига жавоб беради.
«Росатом» давлат корпорацияси Ўзбекистондаги биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича пудратчи сифатида танланди.
«Жиззах вилоятида жойлашган Тузкон кўли участкасини танлаш муҳандислик тадқиқотлари натижаларига кўра аниқланган бўлиб, унинг ушбу турдаги объектни жойлаштиришга яроқлилиги тасдиқланди», — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, биринчи энергия блоки 2030 йилда, иккинчиси 2033 йилда ишга туширилиши кутилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 11 млрд долларга баҳоланмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия ўртасида станция қурилишини кўзда тутувчи ҳамкорлик шартномаси 2017 йил декабрь ойида бошланган эди. Ўшандан бери ушбу шартномани тузиш кечиктирилаётганди.
2017 йилдан сўнг Ўзбекистонда Ядро энергетикасини ривожлантириш бўйича «Ўзатом» агентлиги ташкил этилди.