Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабарига кўра, Фарғона ва Андижон вилоятларида қарийб 1,5 млрд сўмлик электр энергияси ва табиий газ ўғирлаш ҳолатлари қайд этилган.
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида тезкор тадбирлар ўтказилди. Аниқланишича, фермер хўжалиги масъул шахслари ҳисоблагич ишига аралашиб, электр энергиясидан қонунга хилоф равишда фойдаланган. Давлатга 867,2 миллион сўм зарар етказилди.
Шунингдек, Бувайда туманида хусусий клиника раҳбари ноқонуний равишда аралашиб, электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартирган. Давлат ва жамиятга 83,3 миллион сўм зарар етказилди.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида рейдлар давом эттирилиб, маҳаллий аҳоли томонидан ер ости оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил этилгани аниқланди. Фуқаро ўчоқларни газ тармоқларига ноқонуний улаб, 289,1 миллион сўмлик зарар етказган.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида яшовчи фуқаро ишлаб чиқариш цехини ноқонуний равишда газ тармоқларига улаб, 236,5 миллион сўм миқдорида зарар етказган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.