Германия канцлери Олаф Шольцнинг айтишича, Украина яқин ўн йилликда НАТОга аъзо бўлмайди. Унинг таъкидлашича, бу қарор альянснинг аввалги саммитларида қабул қилинган ва яқин келажакда ўзгармайди.
«Айтганча, ўша пайтдаги урушнинг сабабларидан бири Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши эди. Сиз [НАТО саммитларидаги] қарорларни биласиз - бу яқин келажакда кутилмаяпти. Эҳтимол, кейинги 30 йил ичида [кутилган эмас]. Мен буни ҳатто омма олдида айтдим», — деди канцлер 2022 йил бошида Москвага қилган ташрифини эслаб.
2023 йил март ойида НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари Роб Бауэр Украинанинг альянсга аъзолиги масаласи аллақачон ҳал бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина албатта НАТОга аъзо бўлади ва фақат унинг аъзо бўлиш муддати ҳақида мунозаралар давом этмоқда.
АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс ЎБраеннинг айтишича, июль ойида Вашингтонда ўтказиладиган саммитда НАТО Украинани альянсга қўшилишга таклиф қилмайди. Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Украина ҳарбий ҳаракатлар тугагандан кейингина НАТОга аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Украинанинг НАТОга қўшилиш истаги махсус ҳарбий операция бошланишига сабаб бўлган. Киевнинг бетарафлиги 2022 йилда Истанбулда бўлиб ўтган музокараларда муҳокама қилинган тинчлик шартномаси бандларидан бири бўлган, бироқ Ғарбнинг талаби билан музокара жараёни издан чиққан эди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ таъкидлаганидек, агар альянс ҳарбийлари Украина ҳудудида пайдо бўлса, НАТО ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри можаро келиб чиқиши муқаррар.
Эслатиб ўтамиз, 7 март куни Швеция Шимолий Атлантика альянсининг 32-аъзо давлатига айланди. Швеция ва Финляндия Украинадаги уруш шароитида 2022 йилда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширганди.