Сотувга қўйилган меҳмонхонада 232 та хона, 7 та конференция зали, 2 та ресторан, бар ва очиқ терас мавжуд. Меҳмонхонада бассейнли фитнес-клуб ҳам мавжуд. Бино ва иншоотларнинг умумий майдони 45 минг квадрат метрни, ер майдони эса 3 гектарни ташкил этади.
Хусусийлаштириш жараёни уч босқичда амалга оширилади:
қизиқиш билдириш;
мажбурий бўлмаган таклиф;
мажбурий таклиф.
Якуний босқичда харидорлар таклиф қилинган мажбурий нарх таклифи суммасининг камида 1 фоизи миқдорида кафолатли тўловни амалга оширишлари керак бўлади.
Маълумотларга кўра, аризаларни қабул қилиш 4 июль соат 18:00 гача давом этади. Иштирокчилар ўзлари ҳақида қисқача маълумот, сўнгги 3 йилдаги молиявий ҳисобот ва 5 фоиздан ортиқ акциялар эгалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этишлари талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, президент 2024 йил апрель ойида Юнусобод туманидаги эски давлат биноларини тадбиркорлар ихтиёрига савдо объектлари, офис ва меҳмонхоналар учун ер ости автотураргоҳи билан ўтказиш таклифини киритганди. Лойиҳаларни банк филиаллари ўрнида ва давлат ташкилотлари эгаллаб турган 24,5 гектар майдонда амалга ошириш мумкин, деган Шавкат Мирзиёев.