Самарқанд шаҳридаги Чўпонота даҳасида ноқонуний сотишдан олиб қўйилган 30 та марказий осиёлик тошбақа болалари табиат боғи ҳудудида ёввойи табиатга қўйиб юборилди, деб хабар берди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Қўлга олингандан сўнг тошбақалар соғлиғини текшириш учун дарҳол Зарафшон миллий табиат боғи реабилитация марказига ўтказилди.
Тошбақаларни сотмоқчи бўлган ҳуқуқбузарлар экологик рейд давомида воқеа жойидан қочиб кетишган. Уларнинг шахсини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Марказий Осиё тошбақаси заиф ва камайиб бораётган тур мақомида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.