XXI асрга келиб иқтисодиёт фани турли тармоқларга ажралиб кетди ва биз биладиган иқтисодчи касби тобора хилма-хиллашиб бормоқда. Иқтисодиёт ҳаётимизда муҳим рўл ўйнасада, ушбу фанда замонавий тадқиқот усулларнинг қўлланилиши, фаннинг негизи эмпирик маълумотларга асосланганлиги ва иқтисодий тадқиқотларда дастурий таъминотлардан фойдаланиш муҳимлиги камдан-кам ҳолларда ёритилади.
Келинг, фикримни содда қилиб тушунтириш учун охирги беш йилда кимлар иқтисодиёт соҳасидаги қайси тадқиқотлари учун машҳур Нобел мукофотига сазовор бўлганига бир назар солайлик:
2024: Дарон Аджемоглу, Саймон Джонсон ва Джеймс А. Робинсон — «Институтлар қандай шаклланиши ва фаровонликка таъсирин иўрганганлари учун»;
2023: Клаудия Голдин — «Аёллар меҳнат бозори натижалари тўғрисидаги тушунчамизни кенгайтиргани учун»;
2022: Бен Бернанке, Дуглас Диамонд ва Филипп Дибвиг — «Банклар ва молиявий инқирозлар бўйича тадқиқотлари учун»;
2021: Давид Cард — «Меҳнат иқтисодиётига қўшган эмпирик ҳиссаси учун» ва Жошуа Д. Ангрист ва Гуидо В. Имбенс эса «Сабаб-оқибат муносабатларини таҳлил қилишга қўшган услубий ҳиссаси учун»;
2020: Пол Р. Милгром ва Роберт Б. Уилсон — «Аукцион назариясини такомиллаштириш ва янги аукцион форматлари ихтиролари учун».
Кўриниб турибдики, юқорида келтирилган ушбу иқтисодчи олимларнинг тадқиқотлари анъанавий ишлаб чиқариш ва истеъмол таърифидан анча кенг бўлган мавзуларни қамраб олган. Бошқача қилиб айтганда, ушбу халқаро мукофотга лойиқ кўрилган мавзулар ХХИ асрдаги иқтисодиёт фани маълум назариялар билан қотиб қолмасдан, янги технологик инновациялар билан хамоҳанг шаклланаётгани ва янги глобал чақирувлардан иборат эканлигини кўрсатади. Шиддат билан ўзгараётган замон, албатта фанда янги усул қўллашни ва методик ўрганишларни талаб қилади. Шу боис ҳам, бугунги кунда замонавий иқтисодчилар ўз тадқиқотларида сунъий йўлдош тасвирлари (тунги ёруғлик) ёки сунъий интеллект билан боғлиқ янги эконометрик (эмпирик) усуллардан фойдаланган ҳолда, турли маълумотларни қўлга киритишади. Қўлга киритилган ушбу маълумотлар кейинчалик турли иқтисодий омилларни аниқлаш ва ўрганиш учун қўлланилади.
Ушбу янги усул ва методлар билан бир қаторда, иқтисодиёт фанидаги асосий принципларнинг янги муаммоларга ечим сифатида қўлланилиши соҳада янги йўналишлар пайдо бўлишига йўл очиб берди. Шундай янги йўналишлар қаторига иқлим ўзгариши иқтисодиёти ва хулқ-атвор иқтисодиётини киритиш мумкин. Иқтисодчилар иқлим ўзгаришини бошқа фанлар билан ўзаро боғлиқликда узоқ муддатли иқтисодий таҳлилларга асослаган ҳолда ўрганишга киришишган. Хулқ-атвор иқтисодиётини ўрганишда эса экспериментал ёндашувлардан ва инсон психологияси тушунчаларидан фойдаланиш кенг оммалашиб бормоқда. Бундай таҳлиллар албатта катта миқдордаги маълумотларни таҳлил қилиш имкониятига эга турли хил замонавий дастурий таъминотлар орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, бугунги кунда кўплаб иқтисодчилар жамият учун муҳим бўлган даромад тенгсизлиги, гендер, экологик барқарорлик, масъулиятли истеъмол, фаровонлик, саломатлик (пандемия), таълим ва камбағаллик каби кенгроқ ижтимоий масалаларга ҳам янгича нуқтайи назар билан ёндашиб, ўзгача ечимлар беришмоқда. Масалан, камбағаллик даражасини (айниқса болалар камбағаллигини) баҳолашда нафақат пулли балки кўп ўлчўвли (соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой) кўрсаткичлардан фойдаланиш тажрибаси кўп мамлакатларда йўлга қўйилди. Марказий Осиёдаги ёш иқтисодчилар ҳам бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда пайдо бўлган янги ёндашувлар, усуллар ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳудуддаги муаммолар юзасидан илмий изланишлар ва эмпирик таҳлиллар олиб бориши ҳамда янги ечимлар бериши зарур.
Жамиятдаги турли иқтисодий ва ижтимоий муаммолар орасидаги боғлиқликни ўрганиш иқтисодчилар учун муҳим. Нега айрим жамиятлар бой ва тез ривожланади, айримлари эса камбағалликда қолиши каби муаммолар албатта бир неча омилларга боғлиқ. Замонавий иқтисодчилар бундай боғлиқликни таҳлил қилиш, келажакда қандай ўзгариши борасида башоратлар қилиш ва масалага бошқа омилларнинг таъсирини баҳолаш учун мураккаб эконометрик моделларни қўллашади. Бу моделлар кўпинча катта маълумотлар тўпламлари билан ишлаш, тахминларни баҳолаш ва сабаб-оқибат муносабатларини аниқлаш имконини берувчи статистик усуллар билан қўллаб-қувватланади.
Юқорида келтирилган муаммоларни таҳлил қилиш учун бугунги кунимиз макро ва микро-маълумотлар билан тўла. Аммо, бундай сочилган маълумотларни ортидаги катта расмни кўра олиш учун талаба ҳамда ўқитувчи-тадқиқотчилар иқтисодий дастурларни яхши билишлари лозим. Ҳозирда бутун дунё бўйлаб ўқитиладиган иқтисодиёт йўналишлари ўқитувчилар ва талабаларни R-Studio, Python ва STATA каби статистик дастурлардан фойдаланиш ва улар орқали регрессия ва статистик тестларни амалга оширишни ўргатишга жиддий эътибор беради. Ушбу воситаларни яхши биладиган талабалар ва иқтисодчилар ҳақиқий маълумотларни таҳлил қиладилар, эмпирик тадқиқотлар асосида хулоса ва тавсиялар чиқаради. Ҳисоб-китобларни аниқлигини ошириш ва вазиятни яхшироқ англаш учун ушбу воситалар реал вақт режимида катта миқдордаги маълумотларни таҳлил қилишда ҳам фойдаланилиши мумкин. Бу эса ўз ўрнида ҳукумат, корхона ва истеъмолчиларга янада аниқроқ қарорлар қабул қилиш имконини беради. Бунга мисол сифатида Google каби веб қидирув тизимлари орқали сайёҳларнинг келишини аниқроқ башорат қилишни ёки Yandex такси тизимидаги хизмат нархларини реал вақт режимида шаклланишини келтириш мумкин.
Шу ерда иқтисодиёт соҳасининг ўқитилиши ҳақида икки оғиз сўз айтиш жоиз. Замонавий иқтисодиёт йўналишидаги бакалавр ва магистратура босқичларида соҳага кириш одатда микроиқтисодиёт ва макроиқтисодиёт каби асосий фанларни ўқитишдан бошланади. Микроиқтисодиёт фани истеъмолчи ва ишлаб чиқарувчи ўртасидаги муносабатларни ўрганса, макроиқтисодиёт фани эса иқтисодий ўсиш, инфляция ва савдо каби йирик тенденцияларни таҳлил қилади. Талабалар, асосий тушунчаларни ўзлаштиришдан ташқари, хулқ-атвор билан боғлиқ омиллар иқтисодий қарорларни қандай шакллантириши билан шуғулланувчи иқтисодиёт ҳамда ижтимоий иқтисодиёт каби махсус соҳаларни ҳам ўрганади.
Шунингдек, ўқиш даврида талабаларга ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва камбағалликни қисқартириш йўлларини ўрганувчи «Тараққиёт иқтисодиёти» ҳамда иқлим ўзгариши ва барқарорлик иқтисодиётига қаратилган «Яшил иқтисодиёт» каби фанларни ўрганиш имконияти берилади.
Янги йўналишлар билан бойиётган иқтисодиёт соҳасини, замонавий дарсликларсиз тасаввур қилиш қийин. Фундаментал иқтисодиёт принципларни тушунтирадиган анъанавий дарсликлар ҳали ҳам иқтисодий таълимда муҳим роль ўйнайди. Бироқ анъанавий дарсликларга қўшимча сифатида иқтисодиёт соҳасидаги динамик ўзгаришларни акс эттирувчи янги дарсликлар ва манбалар билан тобора бойиб бормоқда. Замонавий дарсликлар кўпинча хулқ-атвор иқтисодиёти, эконометрика ва статистика, ўйинлар назарияси ва технологик тараққиётнинг меҳнат бозорларига таъсирини ўз ичига олади. Бундай манбалар талабаларга иқтисодий асосларни ва уларнинг замонавий дунё муаммоларига қандай боғлиқ эканлигини янада кенгроқ тушунишга ёрдам беради. Дарсликлар шунингдек, дунёдаги мавжуд турли хил иқтисодиётларнинг мураккаб табиатини акс эттирган ҳолда, амалий тадқиқотлар, маълумотлар таҳлили ва муаммоларни ҳал қилиш топшириқлари билан реал ҳаётга янада яқинлашмоқда. Бундан ташқари, очиқ таълим манбалари ва онлайн курслар оммалашиб бормоқда. Бу эса иқтисодиётни ўрганишни осон ва мослашувчан қилади.
Замонавий иқтисодиёт ягона соҳа эмас. Иқтисодиёт география, биология, тарих, ҳуқуқ, социология, демография, бизнес ва физика каби бошқа кўплаб фанлар билан ўзаро боғлиқликда ривожланади. Иқтисодчилар узоқ муддатли иқтисодий ўсиш тенденцияларини ва олдинги молиявий инқирозларнинг таъсирини яхшироқ тушуниш учун тарихчилар билан ҳамкорлик қиладилар. Географ, социолог ва антропологлар ҳудудларнинг ривожланиши, шаҳар иқтисодиёти ва глобаллашув жамиятларга қандай ўзгаришлар олиб келиши оқибатларини ўрганишда ҳисса қўшади. Биология соҳасидаги тадқиқотчилар экологик иқтисодиётда, хусусан, биологик хилма-хилликнинг камайиши ёки табиий ресурслар интиҳосининг иқтисодий оқибатларини ўрганишда муҳим роль ўйнайди. Масалан, иқлим ўзгариши сиёсати устида ишлаётган иқтисодчилар одатда углерод чиқиндилари ва ўрмон дарахтларининг кесилиши таъсирини таҳлил қилиш учун атроф-муҳит фанини чуқур тушуниши лозим. Бошқача қилиб айтганда, бугунги мураккаб жамиятлардаги чигал муаммолар фақат битта соҳа орқали эмас, балки соҳалараро ҳамкорлик орқали ечилиши мумкин.
Иқтисодиёт жамиятнинг долзарб муаммоларига қандай ечим бўла олишини талабаларга қизиқарли услубда тушунтириш ҳозирда жиддий аҳамият касб этади. Бунинг учун кўплаб ўқитувчилар ўз дарсларида фильмлар, газетадаги ахборотлар, ижтимоий тармоқдаги янгиликлар ва мусиқалардан фойдаланишмоқда. Талабалар иқтисодий тамойилларни реал ҳаётий вазиятлар ёки машҳур ҳодисалар билан боғлаб ўрганишса, назарий билимларни яхшироқ ўзлаштириб, амалиётда қўллай оладилар. Бундан ташқари, иқтисодиёт фанини ўрганишда сунъий интеллект (СИ) ва маълумотлар фани муҳим аҳамият касб этаётганини кўриш мумкин. Масалан, СИ қўллаш асосида ишлайдиган технологиялар иқтисодий маълумотларни таҳлил қилиш, тенденцияларни башорат қилиш ва ҳатто мураккаб тушунчаларни интерактив форматда тушунтириш учун қўлланилмоқда. СИ ишлаб чиқаришга асосланган иқтисодиёт ва ундаги компанияларни фаолиятини тубдан ўзгартириб юбораётган бир даврда, талабалар бу технологияларнинг меҳнат бозорини қандай автоматлаштиришидан тортиб, электрон тижорат ва алгоритмик савдо-сотиқни қай даражада ўзгартириб юборганини ва бу жараён қандай иқтисодий оқибатларга олиб келганини яхши тушунишлари талаб этилади.
Бундан ташқари, талабаларга мураккаб иқтисодий масалаларни амалда синаш имкониятини берадиган академик мусобақалар дунё бўйлаб тобора оммалашиб бормоқда. Ушбу мусобақалар талабаларга мураккаб масалалар орқали ўзларининг таҳлилий қобилиятларини намойиш қилиш, ва бошқа ёш иқтисодчилар билан ўзаро алоқалар ўрнатиш имконини беради. Масалан, Халқаро Иқтисодиёт Олимпиадаси (IEO) ўрта мактаб ўқувчиларини иқтисодиётга қизиқишларини оширишга ундайди ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиради. Профессионал даражада эса Жаҳон Иқтисодий Форуми (WEF) ва Америка / Европа Иқтисодиёт Ассоциацияси (AEA/EEA) йиллик учрашуви каби конференциялар иқтисодчилар ва корпоратив раҳбарларни долзарб глобал иқтисодий муаммоларни муҳокама қилиш учун бирласаҳтиради. Бу имкониятлар талабаларга ва олимларга ўзларининг тадқиқотларни намойиш қилиш, иқтисодий ривожланишга таъсир қилиши мумкин бўлган ғояларни муҳокама қилиш, фикр алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда муҳимдир.
Иқтисодиёт соҳасидаги тадқиқотлар нафақат университетлар учун, балки компаниялар ва давлат арбоблари учун доимо муҳим бўлиб келган. Давлат сектори, олий таълим муассасалари ёки бизнес соҳасида ишлашидан қатъий назар ҳар бир иқтисодчи учун нуфузли экспертлар томонидан кўриб чиқиладиган нашрларда мақолалар чоп этиш фаолиятнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бугунги кунда иқтисодиёт соҳасида дунёда энг юқори ўринни эгаллаган журналлардаги мақолалар, ва шунга ўхшаш иқтисодий адабиётларнинг (диссертасиялар) таснифлаш тизими Америка Иқтисодий Ассоциациясининг (AEA) «Journal of Economic Literature (JEL)» журналидан келиб чиққан. Ушбу тизим кенг тоифаларга бўлиниб, ҳар бир бўлимга ҳарф ва рақамлар орқали махсус йўналишлар берилади. Иқтисодиётнинг барча соҳалари, кенг тушунчалардан тортиб, аниқ йўналишларгача, ушбу тоифалар ёрдамида қамраб олинади. JEL таснифлаш тизими умумий 20 та асосий мавзуни ўз ичига олади ва ҳар бир таснифлаш бўйича ўртача 7 та кичик мавзу мавжуд бўлиб, жами ўртача 140 тада иборат. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Марказий Осиёда илмий мақола ва диссертацияларида иқтисодий йўналишлар қамровини аниқлик ва халқаро стандартларга мослик нуқтаи назаридан тизимни янада ривожлантириш имконияти мавжуд.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, иқтисодиёт фани замон талаби асосида янги усулларни қўллаб, янги муаммоларга ечим берадиган турли йўналишлар билан бойиб бормоқда. Демак, Марказий Осиёдаги ёш иқтисодчилар, хусусан Ўзбекистонда динамик ўзгаришларга тез мослашадиган, дунё тан олган замонавий билим ва кўникмаларни чуқур эгаллашлари орқали ХХИ аср иқтисодиётига муносиб равишда бугундан пухта тайёргалик кўришлари мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
Бахром Миркасимов, DSc
Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети