Qanot Sharq маҳаллий авиакомпанияси Ўзбекистоннинг икки шаҳридан Истанбулга мунтазам йўловчи қатновларини йўлга қўяди.
11 июндан Истанбул ва Наманган ўртасида авиақатновлар очилади. Парвозлар ҳафтада бир марта сешанба кунлари Airbus 321 самолётларида амалга оширилади, 13 июндан эса авиаташувчи Қарши–Истанбул–Қарши йўналиши бўйича парвозларни бошлайди. Шунингдек, парвозлар ҳафтада бир марта пайшанба кунлари Airbus А321 самолётларида амалга оширилади.
Июнь ойининг охирига қадар Ўзбекистоннинг саккиз шаҳридан: Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус, Фарғона, Наманган ва Қаршидан Туркия пойтахтига тўғридан-тўғри мунтазам қатновлар амалга оширилади.
Бундан ташқари, яқин вақт ичида Qanot Sharq компанияси Қаршидан икки янги йўналиш: Қарши–Москва–Қарши ва Қарши–Санкт-Петербург–Қарши йўналишлари бўйича парвозларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.