Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Мазкур қонун лойиҳаси глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш учун зарур.
Қонун лойиҳаси хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатда бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартибини белгилайди. Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихини обрўсизлантирадиган оммавий чақириқлар ёки ҳаракатлар бунга асос бўлиши мумкин.
Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг бўлиши номақбул деб топилса, унга беш йил муддатга Ўзбекистонга кириши, банкларда ҳисоб рақамларини очиши, кўчмас мулк сотиб олиши, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиши, молиявий-шартномавий муносабатларга киришиши тақиқланади. Шунингдек, бундай шахсларнинг мамлакатда бўлиши тақиқланади.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон маданияти ва тарихини ҳақорат қилган хориж фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланиши мумкин бўлган қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди.