Энергетика вазирлиги ойлик электр энергияси истеъмоли меъёри нима учун ўзгаришсиз қолишини тушунтирди.
Таъкидланишича, базавий стандартни жорий этишдан асосий мақсад электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва мамлакат аҳолисини ёқилғи-энергетика ресурслари билан етарлича таъминлашдан иборат.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тарифлар бўйича идоралараро комиссия томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 2024 йилда республика аҳолиси жами 21,2 миллиард кВт/соат электр энергияси истеъмол қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ўртача ойлик истеъмоли 200 кВт/соатгача бўлган истеъмолчилар умумий истеъмолчиларнинг 60 фоизини ташкил қилади. Йил давомида электр энергияси истеъмоли сезиларли даражада ўзгармаслигини ҳисобга олиб, бир хил базавий тариф жорий этилди.
Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатдики, жорий йилнинг июн ойида аҳолининг 71 фоизи 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилган.
«Шу сабабли, яқин келажакда ойлик базавий норманинг 200 кВт/соат ҳажмини ўзгартиришга асос йўқ», — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.
Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг атиги 22 фоизи 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача, бор-йўғи 11 фоизи эса 201 кВт/соатдан 300 кВт/соатгача истеъмол қилгани маълум бўлди. Аҳолининг қолган 7 фоизи 1001-10000 кВт/соат электр энергияси истеъмол қилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган электр ҳисоблагичлар аҳолига ортиқча киловатт қувват олаётгани ҳақидаги ахборотга ҳам вазирлик муносабат билдирди.
«Ушбу мурожаатларнинг ҳар бири Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотларининг алоҳида назоратида бўлиб, ҳар бир мурожаат жойларга борадиган ишчилар иштирокида ўрганилмоқда. Ўрганиш давомида истеъмолчиларга уларнинг мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берилиб, техник сабабларга кўра юзага келган хатолар аниқланмоқда ва тўлиқ бартараф этилмоқда», дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.
Кўтарилган тарифларнинг қўлланилиши натижасида истеъмолчилар томонидан энергия тежаш кўпаяди. Натижада, тизимдаги юк ва фавқулодда вазиятлар туфайли электр таъминотидаги узилишлар сони камаяди.