Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида 30 минг хонадонга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон» массиви қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Қувада бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Шунингдек, 50 гектар майдонда савдо мажмуаси ва бизнес маркази, иккита мактаб, олтита болалар боғчаси, иккита поликлиникалар ва саноат зонаси қурилиши режалаштирилган.
Қўқон шаҳрида Тепақўрғон археологик ёдгорлигининг жозибадорлигини ошириш учун 10 миллиард сўм ажратилади.
Янги ўқув йилидан бошлаб Қўқон университетининг Туризм факултети Италия, Франция ва Швейцария ўқув дастурлари бўйича кадрлар тайёрлашни бошлайди. Бундан ташқари, хорижлик мутахассислар жалб қилинади.
15 июлдан бошлаб Қўқон аэропортидан Тошкентга кунлик рейслар, шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларга ҳафталик рейслар йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Кувада сўзлаган нутқида Фарғона вилоятининг саноат соҳасида ортда қолаётгани ҳақида гапирган эди. Давлат раҳбари аҳолига вазиятни яхшилаш режасини тақдим этганди.