Тошкентда 73 ёшли социология фанлари профессори Абдулаҳад Қаҳҳоров ўз уйида ўлдирилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Взгляд.uz»га маълум қилди.
18 июль куни соат 22:00 да Олмазор тумани ИИБ навбатчилик қисмига кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирида яшовчи фуқаролардан хабар келиб тушган. Фуқаролар хонадонда шовқин овозини эшитган.
Воқеа жойига етиб келган тезкор-тергов гуруҳи хонадон эшигини очиб, балконда Абдулаҳад Қаҳҳоров танасининг турли қисмида кесилган тан жароҳатлари билан вафот этгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Содир этилган жиноят сабаблари аниқланмоқда.