Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти Фанлар академияси Зоология институти билан ҳамкорликда кўчманчи йиртқич қушларни улардаги GPS кузатув қурилмалари ёрдамида мониторинг қилиш ишларини олиб бормоқда.
Бу ҳаракат Ўзбекистон ва Қозоғистонда амалга оширилаётган «Марказий Осиёда йиртқич қушларни муҳофаза қилиш» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бўлиб, қушларнинг парвоз йўналиши, масофаси, баландлиги, парвоз тезлиги ва уларга таҳдидлар ҳақида маълумот олиш имконини яратади. Олинган маълумотлар йиртқич қушларнинг турмуш тарзини батафсил ўрганиш ва уларни асраш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Айни босқичда жўрчи ва тасқара қушларига GPS-мосламалар бириктирилган. Қурилманинг оғирлиги 30-50 грамм, мустаҳкам маҳкамланган ва қушни безовта қилмайди, шунингдек, ҳар соатда маълумот узатади. Қурилмалар қуёш панелларидан қувват олади.
Таъкидлаш жоизки, бугун Экология вазирлиги томонидан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини асраш тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишида (COP-14) имзоланган Африка ва Евроосиёда кўчманчи йиртқич қушларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Келишув доирасида Болгария, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган халқаро экспертлар ўзбекистонлик мутахассисларга қушларга кузатув мосламаларини тўғри ўрнатиш ва Марказий Осиё парвоз йўлида уларга таҳдидларни аниқлаш учун олинган маълумотларни қайта ишлаш усуллари бўйича семинар ва тренинглар ўтказмоқда.
Маълумот учун: Марказий Осиё парвоз йўли (CAF) Евроосиё қитъасининг марказий қисмидан ўтади. У 30 та давлатни қамраб олади ва Африка-Евросиё ҳамда Шарқий Осиё-Австралазия йўналишлари билан бир-бирига мос келади. Бу ерда 84 оилага мансуб 605 турдаги кўчманчи қушлар яшайди. Улар орасида йиртқич қушлар алоҳида ўрин тутади. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) маълумотларига кўра, бу турларнинг камида 40 фоизи бутун дунёда камайиб бормоқда ва 48 тур йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда.