8 август куни ижтимоий тармоқларда йўл полицияси ходими ўзи тўхтатган ҳайдовчининг «нуфузли танишлари» билан телефон орқали гаплашишдан бош тортгани акс этган видео тарқалди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси воқеа юзасидан изоҳ берди. Маълум бўлишича, ҳодиса Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида содир бўлган.
Йўл ҳаракати полицияси ходими йўл ҳаракати қоидаларини бузаётган ҳайдовчини тўхтатган, бироқ ҳайдовчи ўзининг «нуфузли танишлари»га қўнғироқ қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимидан улар билан телефон орқали гаплашишни талаб қилган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходими гаплашишдан бош тортган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ижтимоий тармоқлар орқали қаҳрамон билан учрашиб, ўз бурчига виждонан ёндашгани, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётгани учун миннатдорчилик билдирди. Йўл-патруль хизмати ходимига 3 миллион сўм мукофот пули Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи томонидан шахсан топширилди.