Тошкентда International Inclusive Hub очилди, деб хабар берди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
Унда миллий ва халқаро жамоат ташкилотлари ўзаро ҳамкорлик қилишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, инклюзив марказ негизида имконияти чекланган ёшлар учун мослаштирилган истиқболли таълим ва касбга йўналтириш дастурлари йўлга қўйилади.
22 августдан бошлаб марказ робототехника, график дизайн, расм, 3D моделлаштириш ва театр санъати каби тўққизта фаолият йўналиши бўйича рўйхатга олишни очди.
Юқори даражадаги тайёргарликни аниқ ва гуманитар фанлар, IT соҳаси бўйича Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари ва хорижий экспертлар, шунингдек, таниқли санъат арбоблари, мода, фотография, кино, тасвирий санъат ва бошқа ижодий йўналишлар усталаридан иборат ўқитувчилар таркиби таъминлайди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда «Замин» фонди томонидан амалга оширилмоқда.